“…ОНАСИ ЎЗ ҚИЗИНИ ОСТОНАДАН ҚУВИБ СОЛДИ ВА БОЛАЛАРНИ ЭНДИ УНГА БЕРМАСЛИГИНИ АЙТДИ…”
Амалия (исмлар ўзгартирилган) Тошкент вилоятилик Дамир билан севишиб қолиб, онаси ҳамда яқин қариндошларининг кескин қаршилигига қарамай, унга турмушга чиқди. Улар қонуний никоҳдан ўтишди, шу тариқа бахтли яшаб, 3 нафар фарзандли бўлишди.
Аммо, Амалиянинг онаси қизининг эрини шу пайтгача қабул қила олмади, қизига оқ фотиҳа бериш ўрнига, унга таҳдид қилиб, эри билан ажрашиб, бошқа шаҳарга қизлик уйига қайтиб келишини қайта-қайта талаб қилишни қўймади. Ҳаттоки қизига агар эри билан ажрашмайдиган бўлса, меросдан маҳрум қилишини айтиб, бир неча бор дўқ-пўписа қилди.
Ана шундай босимлар остида бўлса ҳам Амалия эри билан кўп йиллар яхши яшади. Мактаб ўқувчилари учун ёзги таътил кунларининг бирида онаси телефон қилиб, ёлғизликда жудаям зерикаётганини айтди ва Амалиядан 3 нафар набирасини Сирдарёга, ўзининг ёнига жўнатиб юборишини сўради. Содда аёл бу гапга чиппа чин ишонди ва 3 нафар боласини олиб, онасиникига етиб борди. Орадан 3-4 кун ўтиб, ортига қайтмоқчи эди, онаси бутун таътил давомида набиралари у билан бирга қолишини илтимос қилди. Амалия бунга ҳам рози бўлиб, фарзандларини бувиси билан қолдирди ва ўзи эрининг ёнига қайтди. Таътил якунланиб, янги ўқув йили бошланиши арафасида мактабга чиқиши керак бўлган фарзандларини олиб келиш учун аёл яна Сирдарёга борди. Бироқ кутилмаганда онаси ўз қизини остонадан қувиб солди ва болаларни энди унга бермаслигини айтди. Амалия ялинди-ёлворди, йиғлаб-сиқтади, аммо бир натижага эришолмади.
Болаларисиз бир ўзи Тошкент вилоятига қайтган жабрдийда жувон нима қилишини билмай карахт аҳволда юрганида, танишлари унга “NIHOL” ННТга мурожаат қилишини, улар бу масалада ёрдам беришлари мумкинлигини айтди.
Марказ раҳбари ва юристлари томонидан Амалияга дарҳол ҳуқуқий кўмак кўрсатилиб, Сирдарёдаги фуқаролик судига даъво аризаси киритиши учун керакли ҳужжатларни тўплашда амалий ёрдам берилди.
Аммо онаси судда нима қилиб бўлса ҳам судья ва психологни Амалиянинг болаларга оналик қилишга “нолойиқ” эканига ишонтиришнинг уддасидан чиқди. Натижада суд бувисининг фойдасига қарор чиқарди, яъни болаларни у билан бирга яшашини белгилади. Амалия “NIHOL” марказининг юристлари ёрдамида суд қароридан норози бўлиб, фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё вилояти судига апелляция шикоятини киритди. Ниҳоят, ҳақиқат қарор топиб, вилоят суди қонунга мувофиқ иш тутди, масалани атрофлича ўрганиб чиқиб, болаларни ота-онасига қайтариш ҳақида қарор чиқарди.
–Фаолиятимиз давомида бунақа ҳодисаларга кам учрайди, – дейди “NIHOL” ННТ раҳбари Ш.Рашидова.– Биз Амалияни болаларини ўзига қайтариш учун қийинчиликлар билан бўлса ҳам бор куч ва имкониятларимизни ишга солиб ҳаракат қилдик. Аёлга ҳуқуқий ёрдамдан ташқари психологларимиз томонидан руҳий ёрдам ҳам кўрсатилди, чунки у қаттиқ стресс ҳолатига тушиб қолган, ўзини йўқотиб қўйганди. Хайриятки, ҳаммаси ўз изига тушди, жуда катта машаққатлар билан бўлсада, болалар ўз оиласи бағрига қайтарилди.
#насилие #насилиенадженщинами #nihol #узбекистан #ташкент #правоваяпомощь #помощьташкент #помощьузбекистан #юредическаяпомощь